Бугун юртимизда буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навойи таваллудининг 582 йиллиги кенг нишонланди.
Сана муносабати билан пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида ўтказилган адабий-маърифий тадбирда Ички ишлар вазирлиги академия курсантлари ҳам фаол иштирок этди.
Илм-фан намояндалари, адабиётшунос олим ва зиёлилар, кенг жамоатчилик вакиллари улуғ бобомиз ҳайкали пойига гулчамбар қўйдилар. Алишер Навоийнинг барҳаёт сиймосига эҳтиром кўрсатилиб, бебаҳо меросини ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш йўлидаги хайрли ишлар эътироф этилди.
***
Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган адабий кечада таниқли филолог олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Баҳодир Карим “Навоийни англаш саодати” мавзуида маъруза қилди.
Адабиётшунос олим она тилимизга муҳаббат Алишер Навоий асарлари билан кириб келишини, буюк аллома улуғлаган умумбашарий ғоялар ёшларнинг адабиётга қизиқишини оширишга, ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Тадбир Академия курсантлари томонидан тайёрларган саҳна кўриниши ва Навоий ғазаллари манзумаси билан давом этди.
***
Сўз мулкининг султони таваллуд топган сана пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Алишер Навоий маҳалласида кўтаринки кайфиятда нишонланди.
Нуронийлар, маҳалла фаоллари ва Ички ишлар вазирлиги академияси вакиллари қатнашган тадбирда ҳазрат Навоийнинг ҳаёти ва ижоди ёдга олинди. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан миллий адабиётимизни ривожлантиришга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлар халқимизнинг маънавий камолоти йўлидаги хайрли амаллар эканлиги таъкидланди.
Назм ва наво кечасида Навоий ғазалларидан қўшиқлар куйланди. Ёшлар шоирнинг ижод намуналаридан ёд айтиб, ёши улуғларга хушкайфият улашдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати