Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Буюк сиймога авлодлар эҳтироми

12 Февраль 2022, 08:02

1703

Мумтоз адабиётимизнинг атоқли вакили, давлат арбоби, беназир шоир, қомусий олим Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодида юрт соғинчи айрича ўрин тутади. Буюк саркарданинг ватанпарварлик, бунёдкорлик ва жасурлик сингари фазилатлари бугунги авлод учун юксак тарбиявий аҳамиятга эга.

Айниқса ҳарбий олий таълим муассасаларида таълим олаётган ёшлар тарихда ўчмас из қолдирган боболаримиз ҳаёти ва фаолиятини чуқур билишлари, комилликка даъват этувчи амалларидан ибрат олишлари, улар қолдирган бой адабий меросни асраб-авайлашлари лозим. Адабиёт вакиллари, бобуршунос олимлар, Ички ишлар вазирлиги академияси жамоаси иштирокида ташкил этилган маънавий-маърифий кеча Заҳириддин Бобур таваллудининг 539 йиллигига бағишланди.

Эътироф этилганидек, буюк аждодимиз илмий меросини ёш авлод ўртасида кенг тарғиб этиш уларни она Ватанимизга муҳаббат, танлаган касбига садоқат туйғулари билан камол топтиришга хизмат қилади. Шоҳ ва шоир асарларида умубашарий ғоялар моҳирона тараннум этилган. Бобурнинг серқирра фаолияти ҳарбий-сиёсий соҳа билан чамбарчас боғлиқ. Ўз юртидан мусофирликда ҳаёт кечирган саркарда илм-фан, адабиёт, санъат, маданият ҳомийси сифатида ҳам тарихда ўчмас из қолдирди ва Ўрта аср Шарқ маданияти ривожига улкан ҳисса қўшди.

Давра суҳбатида Бобур асарларининг мазмун-моҳияти ҳақида долзарб фикр-мулоҳазалар айтилди. Темурий шаҳзода ҳаётининг саҳна кўриниши орқали намойиш этилгани барчага манзур бўлди.     

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech