ИИВ академияси бошлиғи магистратуранинг “ташкилий-тактик бошқарув” ва “ташкилий-стратегик бошқарув” мутахассислик йўналишларида таълим олаётган тингловчилар билан мулоқот қилди.
Учрашув мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимида кечаётган изчил ислоҳотларнинг долзарб талабларини етказиш, кадрларнинг бошқарув салоҳиятини ошириш, таълим жараёни билан боғлиқ устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Айтиш жоизки, янгиланаётган Ўзбекистонда раҳбар кадрлар жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида муҳим таянчга айланиб бормоқда. Илғор билим ва дунёқарашга эга бўлиш, стратегик фикрлаш, бошқарувнинг самарали ёндашувларини қўллаш, халқ билан муваффақиятли ишлай олиш раҳбарлар олдидаги долзарб талабдир. Ушбу мезонлар барча соҳалар қатори ички ишлар органлари тизимида ҳам натижадорликни белгиловчи асосий омил бўлмоқда.
Академия бошлиғи Президентимиз ташаббуси билан ташкил қилинган магистратура фаолиятига тўхталар экан, тизим учун янги авлод раҳбар кадрларини тайёрлаш энг устувор вазифа эканини таъкидлади. Ана шу мақсадда таълим сифати ва мазмуни тингловчиларнинг билим ва кўникмалари, бошқарув фазилатлари, шахсий компетенцияларини оширишга қаратилганини қайд этди.
Бугунги ислоҳотлар даврида соҳа фаолиятига илғор ёндашув ва янгича иш услублари кенг жорий қилинаётгани, тингловчилар зарур билим ва малакага эга бўлиш баробарида, ўз устида пухта ишлаши, раҳбарлик салоҳиятини ўстириб бориши, бир сўз билан айтганда, ҳар қандай шароитда ҳам масъулиятни зиммасига олишга қодир кадр бўлиб етишиши зарурлиги айтилди.
Шунингдек тадбирда давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлаш тизимини трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Мазкур қарор билан магистратурада таълим йўналишлари кўпайтирилиб, ўқув дастурлари амалиётдаги долзарб муаммоларнинг ечимларига қаратилган янги механизм ва фанлар билан бойитилаётгани, ҳудудларда бошқарув самарадорлигини ошириш мақсадида Раҳбар кадрларни баҳолаш ва малакасини ошириш офиси ташкил этилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Мулоқот давомида бошқарувга оид энг муҳим тамойиллар, тингловчилар билиши ва амал қилиш лозим бўлган раҳбарий қоидалар юзасидан тавсиялар берилди. Йиғилганларга жорий ўқув йилида белгилаб олинган асосий мақсад кўрсаткичлари ва хизмат интизомига қўйилган талаблар етказилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати