Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Болалар ҳуқуқлари – устувор масала

20 Апрель 2024, 11:04

542

Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Сурайё Раҳмонова Ички ишлар вазирлиги академиясида таълим олаётган магистрлар билан мулоқот қилди.

Мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, мазкур йўналишда эришилаётган ижобий тенденциялар, Болалар омбудсмани институтининг фаолияти, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги тадбирнинг асосий мавзуси бўлди.

– Давлатимиз раҳбарининг қатъий эътибори ва ташаббуси билан болалар ҳуқуқлари масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди, – деди Сурайё Раҳмонова. – Хусусан, бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга оид самарали ҳуқуқий механизм яратилди. Тизимли чоралар натижасида мамлакатимизда неонатал ўлим кўрсаткичлари сезиларли даражада пасайди. Мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 76 фоизгача ошди. Болалар меҳнатига батамом барҳам берилди. Масалан, 2017 йилда Ўзбекистон Болалар фаровонлиги бўйича глобал индексда 78-ўринни эгаллаган бўлса, 2021 йилда 16 позиция юқорига кўтарилди. Бу ҳам ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Давра суҳбатида келажагимиз ворисларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан турли тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, оилалардаги маънавий муҳитни соғломлаштириш, аҳоли билан манзилли ишлаш борасида ички ишлар органлари тизими билан ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар, келгусидаги муҳим вазифалар хусусида мулоҳазалар билдирилди.

Сурайё Раҳмонова яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонуннинг устувор аҳамиятига ҳам тўхталди. Мазкур қонун билан Болалар омбудсманининг сиёсий мақоми кучайиб, ваколатлари таъсирчанлиги ошганлиги, бу эса юртимизда яшаётган ҳар бир боланинг Конституция ва қонунларда кафолатланган ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Шу куни Болалар омбудсмани академия бошлиғи Рустам Хатамов билан учрашди. Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш, болалар ва ёшларни бузғунчи ғоялардан асраш, уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган қўлланмалар яратиш, аҳоли ўртасида тарғибот тадбирларини ўтказиш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech