Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Болажонларга меҳр ва қувонч улашилди

28 Декабрь 2025, 05:12

32

Янги йил – мўъжизалар, қувонч ва беғубор болалик шодлигининг энг ёрқин тимсоли. Ана шундай илиқ ва байрамона кайфият 27 декабрь куни ИИВ академиясида ўтказилган Янги йил байрами тадбирида яққол намоён бўлди.

Академия ходимлари ҳамда ишчи-хизматчиларининг оила аъзолари, айниқса болажонлар учун ташкил этилган байрам дастури саф майдонида безатилган улкан арча атрофида бошланди. Қорбобо ва Қорқиз кириб келаётган 2026 йил билан барчани самимий табриклаб, болалар учун қувноқ ўйинлар, шўх кулгулар ва байрамона чиқишлар уюштирди. Қувончга тўла лаҳзалар болажонларнинг юзида самимий табассум, кўзларида эса беғубор ҳаяжон уйғотди.

Тадбирнинг навбатдаги қисми академиянинг Маънавият ва маърифат марказида давом эттирилди. Бу ерда Ўзбекистон Давлат сатира театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган “Қор маликаси” эртаги томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. Мазкур саҳна кўриниши, айниқса, ёш болажонлар қалбига ўзгача завқ ва илиқ таассурот улашиб, байрам шукуҳини янада оширди.

Байрам тадбири якунида ташкилотчилар томонидан болаларга Янги йил совғалари топширилди. Ушбу эътибор ва ғамхўрлик болажонлар учун чинакам байрам туҳфасига айланиб, уларнинг қалбида унутилмас хотиралар қолдирди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech