Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Битирувчиларга магистр дипломлари топширилди

05 Август 2023, 09:08

1120

ИИВ Академиясида магистратура тингловчиларининг битирув маросимига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари, Академия раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ва битирувчилар иштирок этди.

Тантанали маросим аввалида сўз олганлар ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлашнинг ҳозирги босқичида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга тўхталишди. Президентимиз қарори асосида ташкил этилган Академия магистратураси соҳани замонавий бошқарув кадрлари билан таъминлаш билан бир қаторда, тизимни халқчил тузилма сифатида шакллантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Тадбирда бир йиллик таълим дастури асосида магистратуранинг “ташкилий-стратегик бошқарув” ҳамда “ташкилий-тактик бошқарув” йўналишлари тингловчилари иштирокида олиб борилган ўқув жараёнлари, илғор ёндашувларга асосида ўтказилган назарий ва амалий машғулотлар, миллий ва халқаро тажрибаларни ўрганишга қаратилган ўқув курслари, шунингдек малакавий ва илмий амалиёт ҳамда якуний давлат аттестацияси жараёнлари ҳақида маълумот берилди.

Битирувчиларга магистрлик дипломлари топширилгандан сўнг ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғининг ўринбосари, полковник Умидбек Нуруллаев нутқ сўзлади.

– Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ички ишлар органлари фаолияти янги босқичга чиқди. Аҳоли билан манзилли ишлаш, фуқароларни ташвишга солаётган муаммо ва масалаларни ҳал этиш, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, бир сўз билан айтганда, республикамиздаги умумий криминоген вазиятни барқарор сақлашда тизим ходимлари, айниқса раҳбар кадрларга улкан масъулият ва ишонч билдирилмоқда. Магистратура битирувчилари ислоҳотлар руҳига мос кадр сифатида она Ватанимиз ва халқимизга юксак садоқат билан хизмат қилишлари керак. Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар бир раҳбарнинг фаолият мезони – бу халқнинг орзу-умидларини ўзи учун асосий мақсад қилиб, уларни изчиллик билан рўёбга чиқаришдан иборат, – деди у.

Тантанали тадбирда битирувчилар ҳам сўзга чиқиб, она Ватанимиз, халқимиз ва давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган улкан ишончни муносиб оқлашга ваъда бердилар.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech