Ички ишлар вазирлиги академияси битирувчилари олдида она Ватанимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилиш, ишончни муносиб оқлашдек масъулиятли йўл турибди.
Ёшлар куни муносабати билан ўқув даргоҳида “Раҳбар ва битирувчилар” учрашуви бўлиб ўтди. “Янги Ўзбекистон – янги ички ишлар органлари” шиори остида ўтказилган тадбирда академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов сўз олиб, муҳтарам Президентимиз томонидан юртимиз ёшларининг таълим-тарбияси ва келажак тақдирига қаратилаётган улкан эътибор ҳақида тўхталди.
Сўнгги йилларда академияда ҳам илғор ёндашувлар жорий қилиниб, курсантларнинг касбий билим ва амалий кўникмаларни пухта эгаллаши, иқтидор ва салоҳиятини тўла намоён этиши учун барча шарт-шароитлар яратилгани, ёш авлодни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида ишлар тубдан такомиллаштирилгани қайд этилди.
Академия бошлиғи битирувчиларга мурожаат қилиб, ислоҳотлар самараси ёшларнинг интилиши, шижоати ва фидойилиги, касбига бўлган садоқатига боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидлади. Ёшларни чинакам халқпарвар ходим бўлишга, она Ватанимиз учун ҳалол ва виждонан хизмат қилишга ундади.
– Уч йил олдин катта орзу-ниятлар билан академияга қадам қўйган эдингиз. Шу давр мобайнида замон талаблари даражасида таълим олдингиз. Мард, жасур, мақсадига собит ўқил-қизлар бўлиб камол топдингиз. Энди устозларингиз сабоқларини, ота-онингиз умидларини, халқимиз ишончини сидқидилдан оқлашингиз керак, – деди ўқув даргоҳи бошлиғи.
Учрашув давомида ўқишдаги ютуқлари, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан тенгдошларига ўрнак бўлган бир гуруҳ курсантлар Академия бошлиғининг фахрий ёрлиғи билан тантанали равишда тақдирланди. Таниқли санъаткорлар ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан тайёрланган галаконцерт тадбирни чинакам ёшлар байрамига айлантирди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати