Ички ишлар вазирлиги академияси мезбонлик қилган “Заковат” интелектуал ўйинлари билимдон ўқувчилар учун синов майдони бўлди.
Ўйинларнинг саралаш босқичида ИИВ қошидаги академик лицейлар ҳамда Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқувчиларидан иборат жами 15 та жамоа иштирок этди. Ҳар бир жамоада олти нафардан билимдон ўзи таълим олаётган ўқув маскани шарафини ҳимоя қилди.
Ярим финал баҳсларига жами 6 та жамоа етиб келган бўлса, ҳал қилувчи ўйин Сурхондарё, Сирдарё ва Наманган академик лицейлари ўқувчилари ўртасида кечди. Қизиқарли руҳда ўтган финалда сирдарёлик ўғил-қизлар мутлақ ғолибликни қўлга киритдилар. Иккинчи ўрин Наманган академик лицейи ва фахрли учинчи ўрин Сурхондарё академик лицейи ўқувчиларига насиб қилди.
Тақдирлаш маросимида Академия бошлиғининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари, подполковник Ҳ.Давронов сўз олиб, мустақил фикрлайдиган, зукко ва кенг дунёқарашга эга бўлган ўғил-қизларни тарбиялаш борасидаги ишлар давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши эканлигини таъкидлади.
Совриндорлар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати