Шу кунларда ИИВ академиясида таълим олаётган 2-босқич курсантлари учун “Кичик финал” комплекс ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Машғулотлар барча ихтисослик кафедралари қатори Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти кафедраси томонидан ҳам қизғин тарзда ташкил этилмоқда.
Курсантлар мутахассислик йўналиши бўйича берилган савол-топшириқларни мустақил равишда бажариб, устозларидан олган назарий билимлари, базавий амалиёт машғулотларида тўплаган кўникмаларини намоён этяптилар. Ҳар бир жараён ҳудудий ички ишлар органларидан жалб қилинган тажрибали ходимлар ҳамда профессор-ўқитувчилар томонидан таҳлил қилиб борилаяпти.
Мирзо Улуғбек туманидаги “Чимён” МФЙ профилактика катта инспектори, подполковник Ғаффор Абдуллаевнинг айтишича, бундай машғулотлар курсантларнинг касбий маҳоратини ошириб, амалиётга тез фурсатларда мослашишини таъминлайди.
Яна бир кундан сўнг “Кичик финал”лар якунланади. Машғулотларда йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилиниб, келгуси ўқув жараёнларида уларни бартараф этиш, таълим сифатини янада оширишга қаратилган режалар ишлаб чиқилади. Зеро, мақсад ҳам шу – соҳа учун юқори малакали кадр тайёрлашдир!
ИИВ академияси Ахборот хизмати