18 май куни Беларусь Республикаси ИИВ Академиясида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда жиноятчиликка қарши курашиш амалиётида юзага келаётган муаммолар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун кадрлар тайёрлашнинг долзарб жиҳатлари, бу борадаги устувор масалалар муҳокама қилинди.
Унда Россия Федерацияси, Тожикистон, Озарбайжон, Беларусь Республикаларининг турдош олий таълим муассасалари, илмий-амалий тадқиқот марказлари қатори, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси ва Жамоат хавфсизлиги университети вакиллари иштирок этди.
Анжуман аввалида Беларусь Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи А. Васильев, Россия Федерацияси ИИВ Москва университети бошлиғи И. Колиниченко, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғи ўринбосари Р. Нигматов ва бошқаларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Шундан сўнг асосий маърузаларга ўтилиб, хорижлик ва маҳаллий мутахассислар томонидан бир қатор таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.
Конференция доирасида делегациялар ўртасида музокаралар ҳам бўлиб ўтди. Икки томонлама учрашувларда таълим интеграциясини кучайтириш ва истиқболли ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бундан ташқари, конференция қатнашчилари Беларусь Республикаси ИИВ Ички қўшинларига қарашли ҳарбий қисм, “Қоплон” ҳарбий-ватанпарварлик клубида бўлиб, ўқув муассасасининг 65 йиллигига бағишланган дастурда иштирок этдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати