Юртимизда Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни кенг нишонланмоқда.
Байрам муносабати билан Ички ишлар вазирлиги академиясида Ҳарбий тайёргарлик кафедраси ўқув биноси фойдаланишга топширилди. Тадбирда академия раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар ҳамда фахрийлар иштирок этди.
Таълим муассасаси раҳбари Рустам Хатамов йиғилганларни шонли сана билан қутлаб, бугунги ислоҳотлар, мамлакатимиз эришаётган ютуқлар, халқимизнинг тинч-осуда ҳаёти ва турмуш фаровонлиги замирида “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя мужассам эканини эътироф этди.
– Муҳтарам Президентимиз ҳар бир инсон ислоҳотлар самарасини амалда сезиши кераклигини алоҳида таъкидлаб келадилар. Кейинги йилларда академиямиз ҳаётида ҳам туб янгиланишлар рўй берди. Ўқув бинолари капитал таъмирланиб, таълимнинг илғор ёндашувлари жорий қилинди. Профессор-ўқитувчиларимиз учун замонавий шарт-шароитлар яратилди. Бу ўзгаришлар барчамизни юқори малакали кадрлар тайёрлаш вазифаларини сидқидилдан бажаришга ундаши керак. Зеро, таълимга киритилган сармоя келажакка хизмат қилади, – деди ўқув даргоҳи раҳбари.
Академия бошлиғи капитал таъмирланган хоналар билан танишар экан, ҳозирги мураккаб шароитда ёшларнинг касбий салоҳияти ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳини юксалтириш долзарб аҳамият касб этаётгани, профессор-ўқитувчилар ўз устида тинимсиз ишлаши баробарида, ҳар бир машғулотни энг илғор тажрибалар асосида ташкил этиши зарурлигини айтди.
Тадбирда кафедра бошлиғи Д. Алоуддинов, фахрийлар кенгаши раиси Д. Юсубов сўзга чиқиб, замонавий ва шинам маскан профессор-ўқитувчилар учун байрамга муносиб туҳфа бўлганини эътироф этишди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати