Ҳар бир касбнинг муваффақияти билан бирга, машаққати ҳам бўлади. Аммо ички ишлар органларида хизмат қилишнинг ўзига яраша масъулияти бор.
Касб байрами муносабати билан ИИВ академиясида бўлиб ўтган тадбирда эл-юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилаётган ходимларнинг шарафли меҳнатлари эътироф этилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси билан бошланди. Академия бошлиғи йиғилганларни байрам билан табриклар экан, бугунги осуда ва фаровон кунларимиз шунчаки қўлга киритилмагани, бунинг ортида барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қатори ички ишлар органлари ходимларининг ҳам улкан ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади.
“Орамизда ўтирган фахрийларимиз мустақиллик йиллари халқимиз бошига тушган таҳликали воқеаларни яхши эслайди. Ўша кунларда ички ишлар ходимлари биринчилар қатори жамоат тартибини сақлашга, фуқароларимизнинг тинчлиги ва ҳаётини ҳимоя қилишга сафарбар қилинган. Афсуски, бу йўлда кўплаб жасур ходимларимиз қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Буларни ёдга олганимиз бежиз эмас, чунки ўсиб келаётган ёш авлод она Ватанимиз учун жонидан кечган ўғлонларнинг жасоратини билиши, улар каби мард, бурчга садоқатли, ватанпарвар бўлиши керак”, – деди ўқув даргоҳи бошлиғи Рустам Хатамов.
Тадбирда ички ишлар органлари тизимидаги ўзгаришлар, кейинги йиллар муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида халқ манфаатларига хизмат қиладиган чинакам халқчил тузилмани шакллантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, соҳа ходимларига қўйилаётган замонавий талаб ва мезонлар, ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлашга қаратилган устувор вазифалар айтиб ўтилди.
“Давлатимиз раҳбари соҳа ходимларига йўллаган байрам табригида ички ишлар тизимидаги ўзгаришларнинг амалий натижасини халқимиз ўз кундалик ҳаётида сезиши шарт, деб таъкидлаб ўтдилар. Бунинг учун ҳар бир ходим аҳолининг дарду ташвиши билан яшаши, зиммасидаги вазифаларга виждонан ёндашиши, бир сўз билан айтганда, осойишталикни таъминлаш учун сидқидилдан хизмат қилиши лозим”, – деди академия бошлиғи.
Маросимда самарали хизмат фаолияти билан намуна кўрсатаётган бир гуруҳ ходимлар вазирликнинг идоравий мукофотлари, махсус унвонлар, шунингдек, эсдалик совғалари билан тантанали руҳда тақдирланди. Рағбатлантиришга муносиб кўрилганлар академия бошлиғидан ўз мукофотларини қабул қилиб олди. Байрам тадбири академия бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг концерт дастури билан давом этди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати