Аҳоли учун хавфсиз муҳит яратиш мақсадида самарали тизимнинг йўлга қўйилгани криминоген вазият билан боғлиқ муаммоларни барвақт аниқлаш ва бартараф этишга хизмат қилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов Мирзо Улуғбек туманининг “Авайхон” маҳалласида бўлиб, мазкур йўналишда амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар билан яқиндан танишди.
Ўрганишлар давомида ички ишлар вазирининг жорий йил 8 сентябрдаги фармойишида белгилаб берилган долзарб вазифалар ижросига эътибор қаратилди. Масъуллар билан биргаликда ҳудудларда содир этилган жиноятлар ва уларнинг асл омиллари таҳлил қилинди.
Академия бошлиғи “жиноят ўчоқ”лари сифатида белгиланган ҳудудлар, аҳоли билан мунтазам гавжум кўчалар, оғир тоифадаги жиноятлар қайд этилган жойларда бўлди. “Маҳалла еттилиги” тизими вакиллари ҳамда ижтимоий профилактика объекти сифатида рўйхатга олинган фуқаролар билан суҳбатлашди.
Мулоқот чоғида пойтахтимизда хавфсиз ва барқарор муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликни кескин камайтириш, аҳоли билан манзилли ишлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг долзарб аҳамияти атрофлича тушунтирилди. Масъулларга ижтимоий профилактика қамровини ошириш, аҳоли муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, оилалардаги муҳитни соғломлаштириш, ёшлар назоратини кучайтириш орқали криминоген вазиятни барқарорлаштириш юзасидан тавсиялар берилди.
Шу куни бино ва иншоотларни техник қўриқловга олиш борасида кўрилаётган чоралар ҳам ўрганилди. Аҳоли, айниқса тарбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган шахслар ўртасида тарғибот тадбирларини кучайтириш орқали мазкур йўналишдаги ишларни жадаллаштириш, ҳудудлардаги барча камераларни ички ишлар органларига интегрatsiя қилиш, “SOS” тугмасидан келган чақирувларга тезкорлик билан муносабат билдириш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек ишчи гуруҳ вакиллари “Чимён” маҳалласидаги “Экобозор” савдо мажмуаси фаолиятини ҳам ўрганди. Масъуллар томонидан бозор ва унинг атрофида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, бино ва иншоотларни қўриқлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тақдимот қилинди.
Ўрганишлар якунида масъул раҳбарлар, профилактика инспекторлари ва жамоат тартибини сақлашга жалб қилинган патруллик гуруҳларига тегишли вазифалар бергилаб берилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати