Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

АЗИЗУ МУКАРРАМ АЁЛЛАР

07 Март 2023, 07:03

671

Юртимиз хотин-қизлари бугун ҳар жабҳада фаол. Уларнинг  ташаббус ва интилиши, фидокорона меҳнати янгиланаётган жамиятимизда тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Бу ҳам давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик самараси, албатта.  

ИИВ Академиясида Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Соҳа фахрийлари, устозу мураббийлар, эл-юрт осойишталиги йўлида хизмат қилаётган ходима аёллар иштирок этган тадбир аввалида ўқув даргоҳи раҳбари Рустам Хатамов йиғилганларни қизғин муборакбод этди.

– Барчангизни юртимизнинг энг гўзал аёми билан самимий табриклайман. Халқимиз азал-азалдан мўътабар Она сиймосида хотин-қизларни юксак даражада эъзозлаб келади. Минг йиллардан буён сайқалланиб келаётган ибратли амал маънавий ҳаётимизнинг гултожига айланган. Сиз муҳтарам опа-сингилларимиз туфайли ҳаётимиз файзли, хонадонимиз обод, юртимиз фаровондир, – деди Академия раҳбари.

Эътироф этилганидек, хотин-қизлар масаласи нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир. “Инсон қадри улуғ” тамойили асосида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар халқимизни рози қилиш баробарида, жамиятимиз кўрки ва таянчи бўлган аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга йўналтирилган. Бу йўлдаги эзгу саъй-ҳаракатлар ички ишлар органлари тизимида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Байрам тадбирида бир гуруҳ ходималар Ички ишлар вазирлигининг кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ва эсдалик қўл соати билан тақдирланди. Академия бошлиғи мукофотларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

– Ички ишлар органларида хизмат қилиш ҳам шарафли, ҳам масъулиятли. Она Ватанимиз равнақига ҳисса қўшаётган ҳамкасбларим сафида камтарона меҳнатларимнинг алоҳида эътироф этилгани қалбимга чексиз қувонч бағишлади, – деди биринчи даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони соҳиби, подполковник Дармонжон Авезова.

Тантанали кеча таниқли санъаткорлар ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech