Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

АЗАЛИЙ ДЎСТЛИК ВА ҲУРМАТ – ҲАМКОРЛИГИМИЗ АСОСИ

02 Июнь 2025, 06:06

87

Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети талабалари таълим олиш ва тажриба алмашиш учун юртимизга келди.

Ўқув машғулотлари олдидан ИИВ академиясида университет вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Самимий мулоқот чоғида академия бошлиғи Рустам Хатамов ва делегация раҳбари Жанг Жоу давлатларимиз ўртасидаги муносабатларга юқори баҳо бердилар.

Ўзбекистон ва Хитой давлатларини кўп асрлик тарихий ришталар боғлаб туриши, икки томонлама алоқалар кейинги йилларда жадал суръатларда ривожланиб, ҳамкорликнинг янги уфқлари очилишига хизмат қилаётгани таъкидланди.

– Ўзаро муносабатларда глобал хавфсизлик, минтақавий барқарорлик, замонавий таҳдид ва хатарларларга қарши биргаликда курашиш каби масалалар устуворлик касб этади, – деди академия бошлиғи Р. Хатамов. – Бугунги кунда мамлакатимиз Ички ишлар вазирлиги ва Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Таълим соҳасида алоқаларнинг фаол тарзда ривожланиб бораётгани илғор ютуқларни ўрганиш ва тизим учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Халқларимиз азал-залдан яқин қўшничилик ва дўстлик муносабатларини қадрлаб келган. Ўзаро алоқаларимиз сифат жиҳатдан юксак босқичга кўтарилган тарихий даврда учрашиб турибмиз. Гарчи, Ўзбекистонга илк бор келаётган бўлсамда, юртингизда бўлаётган ижобий ўзгаришларни кузатиб бораман. Ишончим комилки, муштарак мақсадларимиз йўлидаги ҳамкорлигимиз янада равнақ топади”, – деди университетнинг Халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Жанг Жоу.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик меморандуми доирасида амалга оширилаётган тадбирлар нафақат тажриба алмашиш, балки халқларимизнинг бой тарихи ва маданиятини ўрганишга имкон яратаётгани эътироф этилди.

Шу куннинг ўзида меҳмонлар академия фаолияти билан яқиндан танишдилар. Таълим жараёнига татбиқ қилинган инновацион ёндашувлар, курсантлар учун яратилган замонавий имкониятлар, ўқув даргоҳининг шонли тарихи, улкан салоҳияти ва истиқболи университет вакилларида ёрқин таассурот қолдирди.

Айтиш жоизки, икки ҳафталик ўқув курслари давомида хитойлик талабалар учун интерфаол машғулотлар, маданий-маърифий тадбирлар ташкил қилинади. Бундан ташқари, меҳмонлар ички ишлар органлари фаолиятининг илғор жиҳатлари билан танишадилар.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech