Мамлакатимиз хотин-қизларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамият ҳаётининг фаол иштирокчисига айлантириш каби мақсад ва вазифалар давлат сиёсатининг устувор йўналиши саналади.
Ички ишлар вазирлиги академиясида “Аёллар маънавияти – оила мустаҳкамлиги пойдевори” мавзуида тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Респбуликаси Дин ишлари бўйича қўмитаси мутахассислари, таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва аёл ходимлар иштирок этди.
Мулоқот тарзида ўтган тадбирда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида фикр алмашилди. Сўз олганлар юртимизда инсон қадрини юксалтириш, айниқса хотин-қизлар учун муносиб шароитлар яратиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, муаммоларини ҳал қилиш борасидаги эзгу ишларни эътироф этишди.
Маърифатли аёллар юрт келажагининг мустаҳкам пойдевор эканлиги, оила институтини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, жамиятда оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган дастурлар ана шу мақсадда ҳаётга изчил татбиқ қилинаётгани айтиб ўтилди.
Тадбирда хотин-қизларнинг маънавий-ахлоқий қарашларини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни миллий ўзлигимизга ёт таҳдидлар ва тазйиқлардан асраш масалалари хусусида мулоҳазалар билдирилиб, мутахассисларнинг тавсиялари тингланди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати