ИИВ Академияси курсантларнинг ахборот технологиялари бўйича билимларини мустаҳкамлаш мақсадида “Киберхавфсизлик билимдонлари” мавзуида викторина ўтказилди.
Унда 8 та жамоа иштирок этди. Курсантлар дастлабки шартда интернет тармоғи орқали содир этилаётган жиноятчиларга қарши курашишда учраётган муаммоли вазиятларни кўрсатиб бердилар. Иккинчи шарт тезкор савол-жавоб тарзида ўтган бўлса, сўнгги шартда соҳага доир амалий топшириқ бажарилди.
Ҳакамларнинг қарорига биноан, “Intellect” жамоаси викторина ғолиби деб топилган бўлса, қолган ўринларни “Login” ва “Teorema” жамоалари эгаллади.
Шунингдек Академиянинг бир гуруҳ иқтидорли курсантлари Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида ўтказилган киберспорт мусобақасида ҳам муваффақиятли иштирок этишди. Ҳарбий ва ҳарбийлашган олий таълим муассасалари ўртасида бўлиб ўтган беллашувда ёшларимиз жами 16 жамоа орасидан иккинчи ўринга сазовор бўлишди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати