Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кўп қиррали стратегик ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Ўзаро тажриба алмашинувида глобал таҳдид ва хатарларга қарши курашиш муҳим ўрин эгаллайди.
Анқара шаҳридаги Туркия полиция академиясида ташкил этилган малака ошириш курслари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида қўлланилаётган замонавий ёндашувлар билан яқиндан танишиш имконини берди.
Беш кун давом этган семинар-тренинг машғулотларида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари, магистратура тингловчилари, Малака ошириш институти ва ҳудудий ички ишлар органлари ходимлари иштирок этди.
Ўқув йиғинини полиция академияси раҳбари жаноб Йилмаз Чолак очиб, ҳамкорлик муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларига юқори баҳо берди. Икки томонлама келишув доирасида амалиётга татбиқ этилаётган ёндашувлар, илғор тажрибалар жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашишда муҳим аҳамият касб этаётганини эътироф этди.
Машғулотлар полиция академиясининг тажрибали олимлари томонидан олиб борилди. Бунда асосий эътибор соҳа ходимларининг бошқарувчанлик фазилатларини ривожлантиришга қаратилди. Хизмат пайтида юқори касбий ва маънавий-ахлоқий хислатларни намоён этиш, бошқарувчанлик қобилиятини шакллантириш, ностандарт вазиятларда оқилона ечим топиш, креатив фикрлаш, хизматга маъсулият билан мослашиш, турли руҳий тўсиқ ва муаммоларни енгиб ўтишни шакллантириш каби фаолият самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатувчи омиллар таҳлил қилинди. Шунингдек, семинар-тренинг иштирокчилари учун полиция академияси бўйлаб саёҳат ташкил қилинди.
Ўқув йиғини якуни муносабати билан ўтказилган тадбирда Туркия полиция академияси раҳбари жаноб Йилмаз Чолак, Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатик корпуси ҳамда таълим муассасаси вакиллари иштирок этди. Томонлар ички ишлар органлари таълим тизимида алоқаларни янада кенгайтириш борасида ҳамфикр эканликлари баён қилдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати