Кеча пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ИИВ Академияси курсантларининг ўқув танишув ҳамда иш ўрганиш амалиётини ташкил этиш масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Тошкент шаҳар ИИББ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати раҳбарияти, Академия кундузги таълимининг 1 ва 2-ўқув курсларида таҳсил олаётган курсантлар, уларнинг ота-оналари, профессор-ўқитувчилар ҳамда амалиётга бириктирилган ходимлар иштирок этди.
– Амалиёт даври назарий билимларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим жараён ҳисобланади, – деди Тошкент шаҳар ИИББ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи ўринбосари, подполковник Акмал Адилов. – Курсантлар ўзларига бириктирилган мураббийларининг амалий тажрибасидан фойдаланган ҳолда зарур касбий кўникмаларни эгаллашлари керак. Бу уларнинг келгусидаги хизмат фаолиятига мустаҳкам замин яратади.
Йиғилишда Ички ишлар вазирлигининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Ички ишлар вазирлиги Академияси курсант ва тингловчиларининг ички ишлар органларида амалиётларини ташкил этиш тўғрисида”ги 312-сонли буйруғида назарда тутилган талаблар етказилди. Амалиёт даврида Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизомига қатъий риоя этиш, тизим обрўйига салбий таъсир кўрсатадиган хатти-ҳаракатлар содир этмаслик бўйича курсантларга зарур тавсиялар берилди.
Шундан сўнг, ўқув жараёнида тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ курсантларнинг ота-оналарига Академия бошлиғининг миннатдорлик хатлари топширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати