Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида сайёр машғулот ўтказилди. Унда ИИВ Академиясининг кундузги таълим бакалавриати 2-босқич курсантлари иштирок этди.
“Тошкент шаҳрида жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан холи ҳудудга айлантириш бўйича йўл харита”нинг тегишли банди ижроси юзасидан ташкил этилган сайёр машғулот аввалида курсантлар суд мажлисида қатнашдилар. Галдаги мажлисда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-моддаси ҳамда 251-модданинг учинчи қисми, “а” бандида назарда тутилган қилмишни содир этган шахсга нисбатан тегишли ҳукм ўқилди.
Суд муҳокамасидан сўнг ўтказилган давра суҳбатида шахс ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жиноят ишларини тергов қилиш амалиётини такомиллаштириш, қонун устуворлиги ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларини рўёбга чиқариш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек Академиянинг Автомобиль тайёргарлиги кафедраси томонидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБда амалий машғулот ўтказилди. Машғулот давомида Йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ишларни юритиш бўлими катта инспектори, подполковник А.Мирзаҳамдамов курсантларни қизиқтирган жиҳатларни батафсил ёритиб берди
ИИВ Академияси Ахборот хизмати