Юртимизда буюк аждодимиз Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги кенг нишонланмоқда.
ИИВ академиясида бўлиб ўтган тадбирда олимлар, ўзбек тили ва адабиёти мутахассислари, профессор-ўқитувчилар ва курсантлар йиғилди.
Адабий-маърифий кечада Фанлар академияси қошидаги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими Анвар Алламбергенов, ИИВ академияси Ўзбекистон тарихи кафедраси доценти Даврон Раззоқов, Ўзбек тили ва хорижий тиллар кафедраси бошлиғи ўринбосари Абдуваҳоб Холиқов сўз олиб, Навоий меросининг юксак қийматига тўхталди.
Жаҳон илм-фанида ўчмас из қолдирган Алишер Навоий ҳар бир асарида инсонни улуғлагани, эзгу ва бунёдкор ғояларни тарғиб қилгани, бебаҳо ижодий мероси билан туркий халқлар адабиёти ривожига беқиёс ҳисса қўшгани, бу маънавий бойликни асраб-авайлаш авлодлар олдидаги инсоний бурч эканлиги таъкидланди.
Тадбир давомида Навоийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган викторина ўтказилиб, билимли ёшлар турфа китоблар билан тақдирланди. Жаҳонга машҳур ғазаллар ёд айтилиб, саҳна кўринишлари намойиш қилинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати