Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Академияга Гонконг делегацияси келди

04 Июнь 2024, 01:06

656

Ички ишлар вазирлиги академиясига ХХР Гонконг махсус маъмурий ҳудуди полицияси вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди.

Меҳмонлар дастлаб миллий анъаналар руҳида қад ростлаган ахборот-ресурс марказида бўлишди. Мажмуанинг ўзига хос маҳобати, замонавий имкониятлари, буюк аждодларимиз Жалолиддин Мангуберди ва соҳибқирон Амир Темур номи билан аталувчи ватанпарварлик хоналари, тарихий сиймоларимизнинг дунё илм-фани ва маданиятига қўшган беқиёс ҳиссаси делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг хорижлик меҳмонлар таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида ўқув тезкор-тергов гуруҳлари учун махсус жиҳозланган мобиль транспорт воситаларини кўздан кечирдилар. Жанговар ва жисмоний тайёргарлик мажмуасида академия спортчиларининг ютуқлари билан танишиб, кўргазмали чиқишларни томоша қилдилар.

Шу куни икки томонлама учрашув ва музокаралар ҳам бўлиб ўтди. Академия бошлиғи Рустам Хатамов делегация аъзоларини қутлаб, Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганини алоҳида эътироф этди.

– Кейинги йилларда ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланиб, стратегик шериклик даражасига етди. Олий даражада эришилган келишувлар барча муҳим соҳаларни қамраб олгани эътиборга молик. Муҳими, икки томонлама муносабатлар юксак ишонч ва дўстлик руҳида жадал ривожланмоқда, – деди академия бошлиғи.

Мулоқот чоғида Хитойнинг нуфузли турдош олий таълим муассасалари билан ўзаро тажриба алмашинувининг йўлга қўйилгани кадрлар тайёрлаш самарадорлигига хизмат қилаётгани қайд этилди. Хитой сармояси асосида “Инновацион таълим фонди”нинг барпо этилаётгани манфаатли ҳамкорлик йўлидаги муҳим қадам бўлгани эътироф этилди.

 Делегация раҳбари, Гонконг махсус маъмурий ҳудуди полицияси бошлиғи ўринбосари Чэн Цзюн Шен самимий қабул учун миннатдорлик билдирар экан, минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик масалалари бугунги мураккаб шароитда долзарб аҳамият касб этаётгани, мазкур ташриф икки томонлама муносабатларни янада фаоллаштиришга муҳим туртки бўлишини таъкидлади.

Учрашувда томонларни қизиқтирган кўплаб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Мавжуд салоҳиятни ишга солган ҳолда ҳамкорликни кенгайтириш, Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Гонконг полиция академияси ўртасида кенг қамровли тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, инновацион ёндашувларни оммалаштириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Куннинг иккинчи ярмида делегация аъзолари Таълим сифатини назорат ва мониторинг қилиш маркази, магистратура фаолияти, шунингдек, Маънавият ва маърифат марказини кўздан кечириб, тизим учун малакали кадрлар тайёрлаш, тингловчи-курсантлар ва ходимларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бердилар.

Гонконг махсус маъмурий ҳудуди полицияси вакилларининг юртимизга ташрифи давом этмоқда.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech