ИИВ Академиясига Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Алишер Навоий”, “Катта қорасув” ҳамда “Гулсанам” маҳалларида истиқомат қилувчи ёшлар ташриф буюрди.
“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ёшлар билан маънавий-маърифий, спорт ва китобхонликни ривожлантиришга оид тадбирлар ҳамда “Олий таълим муассасасида бир кун” шиори остида мактаб ўқувчилари учун “Очиқ эшиклар куни” тадбирларини ташкил этиш вазифалари белгилаб ўтилган. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда 100 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Тадбир аввалида ёшлар таълим муассасасида курсантлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан таништирилди.
Маънавият ва маърифат марказида барпо этилган “Академия тарихи” музейи, “Ватанпарварлик бурчаги”, Чўлпон музейи ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш бурчаги” ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Шундан сўнг Академиянинг Жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан ёшлар билан спортнинг “Стол тенниси”, “Волейбол” “Армия ўйинлари”, “Миллий спорт ўйинлари” ҳамда “Шахмат-шашка” бўйича мусобақалар ўтказилди.
Шунингдек ёшларни турли хил ёт ғоялар тасирига тушиб қолмаслиглари, уларда бузғунчи ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантирилиш мақсадида “Виртуал макондаги кибертаҳдидларнинг ёшлар онгига таъсири ва салбий оқибатлари” мавзуида машғулоти ўтказилди.
Тадбир сўнггида ахборот технологияларига қизиқувчи ёшлардан ташкил топган жамоалар ўртасида “Киберспорт” мусобақаси юқори савияда ташкил этилди. Мусобақа қизғин ва муросасиз баҳсларга бой ўтди. “Алишер Навоий” маҳалласи ёшлари жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Бир кун давомида академияда бўлган ёшлар бир олам таассуротлар билан уйларига қайтишди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати