Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Ички ишлар вазирлиги академиясида “Экобоғ” барпо этилди.
Хайрли ташаббусда Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев ва таълим маскани жамоатчилиги фаол иштирок этди. Янги боғ учун ажратилган майдонда ҳашар ишлари амалга оширилиб, 300 тупдан зиёд дарахт кўчатлари экилди.
Шу куннинг ўзида “Яшил тараққиёт учун курашамиз!” мавзуида учрашув ўтказилди. Унда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида юртимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар эътироф этилди.
– Она табиатни асраш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш – ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Бу йўлдаги эзгу сайъ-ҳаракатлар натижасида пойтахтимиз ҳудудида яна бир боғ барпо этилди. Янги боғга яхши ният ва мақсадлар билан ниҳол экдик. Профессор-ўқитувчилар ва курсант ёшларнинг фаол ҳисса қўшгани мени жуда қувонтирди, – деди Экологик партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев.
Тадбирда иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммолар тобора долзарб бўлиб бораётгани, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атроф-муҳитга муносабатда ҳар бир фуқаронинг шахсий дахлдорлигини ошириш яшил тараққиётга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек соҳа мутахассиси экотизимга хавф туғдираётган омиллар, табиат ва инсон ўртасидаги мувозатнинг бузилиши, иқлим ўзгаришларида инсон омилини камайтириш масалалари хусусида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати