Магистратурада якуний назорат имтиҳонлари бўлиб ўтди.
Бундан кўзланган мақсад таълим олувчиларнинг билим салоҳиятини холисона ва шаффоф баҳолаш орқали тизим учун замонавий бошқарув кадрларини тайёрлаш ҳамда таълим жараёнига татбиқ қилинган илғор ёндашувлар натижадорлигини оширишдир.
Шунга кўра, “ташкилий-стратегик бошқарув” мутахассислиги тингловчиларидан “Ички ишлар органларининг тергов фаолиятини бошқариш” ўқув модули, “ташкилий-тактик бошқарув” мутахассислиги тингловчиларидан эса “Ички ишлар органларининг тезкор-қидирув фаолиятини ташкил этиш” ўқув модули бўйича имтиҳон қабул қилинди.
* * *
Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Краснодар университети томонидан онлайн машғулот ўтказилди.
Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига бағишланган машғулотни кафедра бошлиғи, полиция подполковниги Кирилл Ридченко олиб борди. Онлайн мулоқот сўнггида кундузги таълим курсантлари хориж тажрибасининг муҳим жиҳатлари бўйича фикр алмашиш имконига эга бўлдилар.
* * *
Жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедраси катта ўқитувчиси, подполковник Умидхон Дўстмуродов Божхона институтида қўл жангидан мастер-класс ўтди.
Таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ташкил этилган машғулот талабаларнинг жанговар кўникмаларини ошириш, фавқулодда шароитларда пухта ҳаракатланиш қобилиялини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди.
* * *
Академияда “Алфраганус” университети профессори Гулноз Рўзиматова иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда ихтисослик кафедралари қошидаги илмий тўгараклар фаоллари ва ўқитувчилар иштирок этди. Тажрибали мутахассис маҳалла институтини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ёшлар жиноятчилигига барҳам беришда ушбу тизимнинг ўрни, айни пайтда мазкур йўналишда олиб борилаётган изчил чора-тадбирлар ҳақида атрофлича тўхталди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати