Олий Мажлис Сенатида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари билан бирга, академия магистратураси тингловчилари ҳам иштирок этди.
Йиғилишда “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”, “Солиқ ва бюджет қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунлар кўриб чиқилиб, мудофаа тизимидаги ишлар юзасидан вазир ахбороти эшитилди.
* * *
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти кафедраси томонидан Тошкент архитектура-қурилиш университетида ҳуқуқий тарғибот ўтказилди.
“Жаҳолатга қарши маърифат!” шиори остида ташкил этилган тадбирда глобаллашув жараёнларининг ёшлар онги ва тарбиясига таъсири, ёш авлодни турли ёт ғоялар, айниқса “оммавий маданият” таъсиридан асраш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир сўнггида таълим муассасалари ёшлари таълим жараёнлари бўйича тажриба алмашдилар.
* * *
Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Барнаул ва Уфа юридик институтлари билан ҳамкорликда онлайн машғулотлар ташкил қилинди.
“Кибержиноятчилик” ҳамда “Босқинчилик ва талончилик жиноятларини фош этиш хусусиятлари” мавзуларида ўтказилган машғулотлар малакали мутахассислар томонидан олиб борилди. Мазкур жиноятларнинг янги кўринишлари ва уларга қарши курашиш чора-тадбирлари ёритилган машғулотлар академия курсантларининг ихтисослик бўйича назарий билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати