ИИВ Академиясида жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди вакиллари ва “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти” ихтисослик йўналиши бўйича ўқиётган курсантлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
“Профилактика инспекторининг суд органлари билан ҳамкорлиги” мавзуидаги тадбирда соҳа фаолиятини самарали ташкил этишга қаратилган фикр-мулоҳазалар билдирилди. Курсантлар маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, судларга тааллуқли бўлган маъмурий ишларга оид процессуал ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқа муҳим йўналишлар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
***
Ўқув даргоҳида ички ишлар органлари эксперт-криминалистика бўлинмалари фаолиятига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Эксперт-криминалистика бош маркази раҳбарияти, Академиянинг Криминалистик экспертизалар кафедраси профессор-ўқитувчилари, шунингдек онлайн форматда ҳудудий эксперт-криминалистика бўлинмалари вакиллари иштирок этган йиғилишда соҳа фаолияти ва жорий йилдаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
***
Олий таълимдан кейинги таълим факультети томонидан ўтказилган тадбирда Академия илмий тадқиқотчилари олдидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Унда илмий-тадқиқот фаолиятининг ҳозирги ҳолати, ички ишлар органлари муаммоларини тадқиқ этиш ва натижаларини амалиётга татбиқ қилиш борасида яратилган механизмнинг истиқболдаги натижалари, ёш олимлар сафини кенгайтириш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида фикр алмашилди.
***
Таълим муассасаси курсантлари жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида бўлиб ўтган суд мажлисида иштирок этишди.
Муҳокамадан сўнг соҳа вакиллари иштирокида судлар фаолиятини ислоҳ этиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, суд-тергов амалиёти самарадорлигини оширишда касбий билим ва кўникмаларнинг аҳамияти хусусида давра суҳбати ташкил қилинди.
***
ИИВ ўқув муассасалари ўқувчилари учун ташкил қилинган “Очиқ эшиклар куни” ёшларнинг ватанпарварлик фазилатларини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Тадбирга пойтахтимиздаги ихтисослаштирилган мактаб-интернати, шунингдек Хоразм, Сурхондарё, Фарғона ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги идоравий лицейларда таълим олаётган жами 75 нафар ўқувчи таклиф этилди.
Ўқув даргоҳида яратилган замонавий шарт-шароитлар, таълимнинг инновацион ёндашувлари, курсантлар учун йўлга қўйилган имкониятлар ёш авлод вакилларининг касбий қизиқишини оширишга хизмат қилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати