“Innovative Academy RSC” илмий тадқиқотларни қўллаб- қувватлаш маркази томонидан ўтказилган тадбирда энг фаол ёшлар тақдирланди.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги устувор вазифалар ижросини таъминлаш, илмий фаолият билан шуғулланаётган ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда ИИВ Академияси вакиллари ҳам қатнашди.
Тадбирда интеллектуал салоҳияти, фаол ташаббус ва изланишлари билан ютуқларга эришиб келаётган бир гуруҳ ёшлар турли номинациялар билан тақдирланди. Жумладан, Академиянинг Маъмурий ҳуқуқ кафедраси бошлиғи, доцент Жаҳонгир Юлдашев “Энг фаол ҳамкор”, кафедра ўқитувчиси Шоҳрух Қушбоқов эса “Энг яхши инноватор” номинацияларини қўлга киритди. Тақдирлаш маросимидан сўнг “Innovative Academy RSC” илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда ИИВ Академиясининг Маъмурий ҳуқуқ кафедраси ўртасида ҳамкорлик келашуви имзоланди.
* * *
Академиянинг Хизмат психологияси ва касбий маданияти кафедраси ташаббуси билан Ички ишлар вазирлигининг Тошкент вилоятидаги академик лицейида маҳорат машғулоти ўтказилди.
Лицей педагогик жамоаси иштирок этган машғулотда таълим-тарбия жараёнида ёшлар билан маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, айниқса ўқувчиларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг самарали ёндашувлари, замонавий таълимда қўлланилаётган илғор педагогик методлар, ахлоқий фазилатларни шакллантиришда буюк аждодларимиз илмий-маърифий меросининг аҳамияти, ёш авлод қалбига “ватанпарварлик”, “бурчга садоқат”, “фидойилик”, “мардлик”, “жасорат” каби тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ сингдиришда оила, таълим муассасаси ва маҳалла ҳамкорлигининг ўрни, шунингдек ёшларга оид давлат сиётининг устувор йўналишлари борасида фикр-мулоҳаза алмашилди.
Машғулот давомида Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси асосида Академия таълим жараёнига татбиқ қилинган янги механизмлар тақдимот тарзида намойиш қилинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати