ИИВ Академиясида БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси (UNODC)нинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда UNODC лойиҳалари доирасида терроризм, одам савдоси, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ва ноқонуний қурол савдосининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, глобал таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда ўзаро тажриба алмашиш, таълим дастурларини амалга ошириш ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.
* * *
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида йиғилиш бўлиб ўтди.
Қатор вазирлик ва идоралар масъул вакиллари, ИИВ Академияси магистратураси тингловчилари иштирок этган йиғилишда ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олишда қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши масалалари, қўмита томонидан мазкур соҳада ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинди.
* * *
Академия ходимлари ва тингловчи-курсантлари учун ташкил этилган ярмаркада 2 мингдан ортиқ китоблар савдога қўйилди.
Китобхонликни тарғиб қилиш орқали маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ходимлар, айниқса ёш авлоднинг китоб маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида ўтказилган тадбирда пойтахтимиздаги етакчи нашриётлар ўз маҳсулотлари билан қатнашди.
* * *
Академиянинг Олий таълимдан кейинги таълим факультетида 8 та ихтисослик бўйича таянч докторантура ҳамда мустақил изланувчиликка кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди.
Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълимдан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига биноан, суҳбат тарзида ўтказилган имтиҳонда 50 нафар талабгор иштирок этди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати