Республика Инсон ҳуқуқи маданияти маркази, Ички ишлар вазирлиги академияси ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида Бухоро шаҳридаги “TURON ZARMED” олий таълим муассасасида ҳуқуқий тарғибот ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган янги нормаларнинг аҳамияти ва мазмун-моҳияти, конституциявий ислоҳотларнинг пировард мақсади, бўлажак референдумга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.
* * *
Академиянинг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти кафедраси томонидан ушбу ихтисослик йўналишида таълим олаётган курсантлар учун давра суҳбати ташкил этилди.
Ҳудудларнинг криминоген ҳолатини ўрганиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалиётдаги мавжуд муаммоларни илмий жиҳатдан тадқиқ қилиш фаолиятига иқтидорли курсантларни жалб қилиш тадбирнинг асосий мақсади бўлди.
Давра суҳбатида кафедранинг етакчи профессор-ўқитувчилари, ёш олим ва курсантлар сўзга чиқди. Илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш борасида истиқболдаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.
* * *
Тошкент давлат транспорт университетида “Киберхавфсизликни таъминлаш ва кибержиноятларни олдини олишнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида тадбир ўтказилди.
Академиянинг Ахборот технологиялари кафедраси ўқитувчилари томонидан кибер оламда юзага келаётган хавф-хатарлар, кибержиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш чоралари, бу борадаги статистик маълумотлар юзасидан қилинган маъруза талабаларда катта қизиқиш уйғотди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати