Маъмурий ҳуқуқ кафедраси томонидан “Ички ишлар органларининг маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни таъминлаш фаолиятининг бугунги ҳолати” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
ИИВ ЖХД ЙҲХХ Маъмурий амалиёт бошқармаси, Сирдарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ вакиллари, кафедра профессор-ўқитувчилари ва курсантлар иштирок этган тадбирда долзарб масалалар юзасидан чиқишлар қилинди. Мавжуд муаммоларнинг ечимлари, айниса маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тадбирнинг аҳамиятини янада оширди.
* * *
Жиноят-процессуал ҳуқуқ кафедраси профессор-ўқитувчилари, суд-ҳуқуқ тизими вакиллари ва кундузги таълим курсантлари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида жиноят-процессуал қонунчиликни такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан фикр алмашилди.
Давра суҳбати аввалида кафедра бошлиғи, подполковник Б. Рашидов сўз олиб, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун асосида амалиётга жорий қилинган институтлар суд-тергов фаолиятида шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва истиқболдаги устувор вазифалар муҳокама қилинган тадбир давомида муҳим таклиф ва тавсиялар билдирилди.
* * *
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти кафедраси ташкил этган давра суҳбати илмий-тадқиқот ишларида курсант ёшлар фаоллигини ошириш масаласига бағишланди.
Тадбирда ёшларни илмий изланувчиликка йўналтириш, ички ишлар органлари амалиётидаги мавжуд муаммоларни тадқиқ қилиш, илмий-тадқиқот фаолияти бўйича хорижнинг турдош олий таълим муассасалари ижобий тажрибаларини ўрганиш, шунингдек Академия бошлиғининг 2022 йил 13 июлдаги “Курсантларнинг илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғида назарда тутилган талаблар ҳақида сўз борди.
Очиқ мулоқотда ихтисослик кафедраларидан профессор А. Турсунов, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Қ. Саитқулов ҳамда кундузги таълим 1-ўқув курсининг фаол курсантлари ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
* * *
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрелдаги “Таълим муассасаларида йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, Тошкент давлат транспорт университетида ҳуқуқий тарғибот ўтказилди.
Академиянинг Автомобиль тайёргарлик кафедраси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда қарорда белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти талабаларга етказилди. Куннинг иккинчи ярмида мазкур ўқув муассасаларида таълим олаётган ёшлар иштирокида “Замонавий автомобилларга техник хизмат кўрсатиш” мавзусида семинар-тренинг ҳам бўлиб ўтди. Машғулот йўл-транспорт тизимига жорий қилинаётган замонавий стандартлар, айниқса инновацион ёндашувлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш ва назарий билимларни мустаҳкамлаш имконини берди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати