Беларусь Республикаси ИИВ Академияси билан ҳамкорликда ташкил этилган онлайн машғулотни Жиноят-ижроия факультети доценти, милиция подполковниги Владимир Шабаль ўтказди.
“Жазони ижро этиш фаолияти” ихтисослик йўналиши курсантлари, тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчилар қатнашган машғулот “Беларусь Республикасида жиноий жазоларни ижро этиш тизими” мавзуига бағишланди.
Хорижлик мутахассис Беларусь жиноят-ижроия қонунчилиги, хусусан, жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини ташкил этишнинг замонавий шакл ва усуллари, маҳкумларнинг ҳуқуқларини таъминлаш механизмлари, бу борада халқаро тажрибанинг илғор жиҳатларига тўхталди.
* * *
ИИВ Академиясининг “тезкор-қидирув фаолияти” ихтисослик йўналиши курсантлари “Мулоқот клуби”да йиғилдилар.
Галдаги учрашувга Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБдан тезкор вакиллари таклиф қилинди. Амалиёт ходимлари терроризм, экстремизм, одам савдоси, ноқонуний миграция билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишда тезкор-қидирув тадбирларини ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўзлаб беришди.
Курсантлар соҳавий хизмат фаолиятига оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, зарур тавсиялар тингладилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати