Давлатимиз раҳбарининг қарори асосида ташкил этилган Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази мураккаб экспертизаларни ўтказишга ихтисослашган муассаса ҳисобланади.
ИИВ Академияси кундузги таълимининг 2-босқич курсантлари ушбу марказда бўлиб, унинг фаолиятини ўргандилар. Бўлажак криминалистларга суд-тиббий экспертиза фаолиятини замон талаблари даражасида такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, мазкур муассасада йўлга қўйилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг малакали мутахассилар томонидан воқеа жойида қолдирилган биологик ашёвий далилларни экспертизадан ўтказиш бўйича сайёр машғулот ўтказилди. Курсантлар амалиётда дуч келишлари мумкин бўлган ҳолатлар ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
* * *
ИИВ Академияси кундузги таълимининг “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти” ихтисослик йўналиши курсантлари Тошкент давлат юридик университетида бўлишди.
Юридик таълим соҳасида тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган тадбир давомида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими учун кадрлар тайёрлаш жараёнлари, университетда яратилган замонавий шарт-шароитлар, хусусан, ўқитишнинг ўзига хос ёндашувлари ҳақида тушунча берилди. Ёшларга оид давлат сиёсати доирасида ёш олимлар сафини кенгайтириш, айниқса ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги долзарб муаммоларни илмий жиҳатдан тадқиқ этишга қаратилган тизимли ишлар курсантларда катта қизиқиш уйғотди.
* * *
ИИВ Академиясининг Психологик таъминлаш маркази томонидан кундузги таълим 1-босқич курсантлари учун мотивацион тренинг ўтказилди.
Машғулот ёшларнинг ватанпарварлик руҳини кучайтириш, Ватан ва халқ манфаатларига хизмат қилиш шарафли бурч эканини англатиш, уларда юксак касбий фазилатларни шакллантириш мақсадида ташкил этилди. Мулоқот тарзида ўтган тадбирда хизмат вазифасини бажариш чоғида соҳа ходимларидан талаб этиладиган фазилатлар бўйича зарур тавсиялар етказилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати