Инсоннинг маънавий дунёсини бойитиш, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини юксалтиришда музейларнинг ўрни беқиёс.
Ички ишлар вазирлиги академияси магистратурасида таълим олаётган тингловчилар Темурийлар тарихи давлат музейини томоша қилишди. Маскандан жой олган экспонатлар, хусусан, Амир Темур ва темурийлар даври тарихи, маданияти, санъатига оид осори-атиқалар жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини теран англашга хизмат қилди.
Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан пойтахтимизда бунёд этилган “Китобхон оила” монументи пойида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Ички ишлар органларида китобхонликка қаратилаётган улкан эътибор, соҳа ходимларининг маънавий дунёқарашини юксалтиришда адабиётнинг ўрни, соҳа вакилларининг мутолаа қилиши учун тавсия этилган 39 турдаги китобларнинг аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар айтилди.
***
ИИВ Академиясининг Чет тиллари маркази қошидаги “LINGUIST” фан клуби аъзолари томонидан дебат ташкил этилди.
Хорижий тилларни оммалаштириш, тил ўрганишга қизиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш ва билим салоҳиятини ошириш мақсадида ўтказилган дебатда кундузги таълимнинг 2 ва 3-босқич курсантлари иштирок этди. Соғлом рақобат руҳида ўтган тадбир иштирокчиларнинг чет тилини ўзлаштирганлик даражаси, нутқ маҳорати ҳамда фикрлаш қобилиятини баҳолаб берди.
***
Академиянинг Иқтидорли курсантлар кенгаши аъзолари Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейига олиб борилди.
Ўзбек адабиёти тарихига оид қўлёзмалар, турли ҳужжатлар, фотосуратлар, айниқса буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди, у яшаб ижод қилган даврга мансуб бебаҳо моддий-маданий материалларни акс эттирган музей фонди курсантларда катта қизиқиш уйғотди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати