Мулоқот замонавий раҳбар кадрларга хос мезонлар, ислоҳотлар даврининг долзарб талабларига бағишланди.
Учрашув аввалида Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида сўнгги саккиз йилда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотларга эътибор қаратилди. Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида рўй бераётган улкан ўзгаришлар ва эришилаётган ижобий кўрсаткичлар аниқ фактлар, статистик маълумотлар асосида таҳлил қилинди. Мамлакатимиздаги янгиланишлар, энг аввало, “инсон қадри учун” деган эзгу ғояга қаратилгани, халқимизнинг тинч-осуда ва фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қилаётгани эътироф этилди.
Академия раҳбари изчил ислоҳотлар даврида барча соҳалар қатори, ички ишлар органлари тизимида ҳам раҳбарларга қўйилаётган талаб ва масъулият ошганини алоҳида таъкидлади.
– Барчангиз яхши биласиз, ички ишлар органлари учун раҳбар кадрлар тайёрлаш тизими илгари ҳам мавжуд эди. Аммо бугун сизлар таълим олаётган магистратуранинг фаолият мазмуни бутунлай бошқача. Ўқитиш жараёнида нафақат бошқарувга оид замонавий билим ва кўникмалар, балки раҳбарликка хос маънавий-ахлоқий фазилатларингизни юксалтиришга ҳам устувор аҳамият қаратяпмиз. Зеро, муҳтарам Президентимиз ҳар бир раҳбар ўз фаолиятида адолатли ва халқпарвар бўлиши, ўзини қийнаб халқимизни рози қилиб яшаши кераклигини алоҳида таъкидлаган эдилар, – деди ўқув даргоҳи бошлиғи Рустам Хатамов.
Очиқ мулоқотда раҳбарликка хос асосий жиҳатлар, бошқарувнинг замонавий тамойиллари, ички ишлар органлари ходимларидан талаб этилаётган шахсий фазилатлар, халқ билан мулоқот қилиш ва фаолиятни самарали ташкил этиш омиллари хусусида мулоҳазалар билдирилди.
Академия бошлиғи тингловчиларга зарур тавсиялар бериб, “Лидерлар китоби” рисоласини совға қилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати