Ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, жамиятда муносиб ўрин топиши учун шарт-шароит яратиш эътиборталаб масала. Айни пайтда бу давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
ИИВ Академияси раҳбари ташаббуси билан Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармасида битирув олди малакавий иш ўрганиш амалиётини ўтаётган курсантлар иштирокида учрашув ташкил этилди. Тадбирда соҳавий хизматлар вакиллари ҳамда курсантларнинг ота-оналари иштирок этди.
Учрашув очиқ мулоқот руҳида ўтди. Йиғилганлар эътибори, биринчи навбатда, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ички ишлар органларини аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш мақсадида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга қаратилди. Тизимни халқчил тузилмага айлантириш кадрларнинг профессионал салоҳиятига боғлиқлиги, сўнгги йилларда таълим сифати ва самарадорлиги замон талаблари даражасида оширилиб, амалиёт билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланди.
Академия бошлиғи Рустам Хатамов ёшларга мурожаат қилиб, мунтазам ўқиб-ўрганиш, хизмат интизоми ва қонунийликка амал қилиш, она Ватанимизга садоқат билан хизмат қилиш ҳар бир курсантнинг қатъий қоидаси бўлиши кераклигини алоҳида қайд этди. Шунингдек йиғилишда курсантлар, уларнинг мураббий ва она-оналари ҳам сўзга чиқди. Амалиёт даврида ютуқларга эришаётган бир гуруҳ ёшларга турли китоблар совға қилинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати