Янги Ўзбекистон ёшлари бугун мамлакатимизнинг ҳал қилувчи куни, том маънода, эртанги кунимизнинг муносиб давомчиларига айланиб бормоқда.
Яқинда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида таълим ва инновациялар” миллий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 75 йиллиги муносабати билан ташкил этилган танлов жорий йилнинг 1 июнидан 15 ноябрига қадар давом этди. Мазкур жараёнда 80 нафардан ортиқ талабгор иштирок этди ва якунда бешта номинация бўйича ғолиблар аниқланди. Улар орасида ИИВ академияси курсанти Тошмурод Абдураҳмонов “Инсон ҳуқуқлари бўйича энг яхши инновацион ғоя муаллифи” номинацияси ғолиби бўлди.
Қувонарлиси, иқтидорли курсантимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган “Умуммиллий Конституция имтиҳони”да ҳам муносиб иштирок этди.
Икки босқичда (тест ва суҳбат) ташкил қилинган тадбирда 210 мингдан ортиқ фуқаро иштирок этди. Танловнинг биринчи босқичида тест саволларига энг тез ва энг кўп тўғри жавоб берган жами 90 нафар иштирокчининг ижодий саволга жавоблари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб, шундан 31 нафари финал босқичида иштирок этди. Видеоконференсалоқа шаклида ўтган танлов якунида Тошмурод Абдураҳмонов фахрли биринчи ўринга сазовор бўлди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати