Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Академия бошлиғи ёшлар ҳузурида

26 Август 2023, 04:08

826

Янги Ўзбекистон ёшлари бугун улкан мақсад ва интилишлар билан ҳаётга кириб келмоқда. Уларни қўллаб-қувватлаш, таълим олиши учун муносиб шароитлар яратиш давлатимиз эътиборида.

ИИВ Академияси бошлиғи Рустам Хатамов ўқув-дала марказида кундузги таълим 1-ўқув курси курсантлари билан учрашди. Мулоқот руҳида ўтган тадбир ички ишлар органларидаги янгиланишлар, соҳа учун кадрлар тайёрлаш йўлида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга бағишланди.   

Таъкидлаб ўтилганидек, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ички ишлар органлари фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб, тизим учун профессионал кадрлар тайёрлаш ишлари янги босқичга олиб чиқилди. Таълим жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини кучайтириш, курсантларнинг ихтисослик йўналиши бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, келгуси хизмат фаолиятига қисқа фурсатда мослашишини таъминлашга қаратилган самарали ёндашувлар татбиқ этилди. Бундан ташқари, илмий салоҳиятни юксалтириш, ички ишлар органларидаги муаммоларни “илмий диагноз” асосида ўрганиш, жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Таълим муассасаси раҳбари ёшларга мурожаат қилиб, ҳозирги рақобат даврида курсантлар билим, дунёқараш, ташаббус ва фидойиликда барчага ўрнак бўлишлари кераклигини таъкидлади. Бу борада фан олимпиадалари, турли танлов ва спорт мусобақаларида ютуқларга эришиб, Академия нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган иқтидорли ёшларни ибрат сифатида кўрсатди.  

Учрашув сўнггида полигон шароитида курсантлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишилди. Ёшларга давлатимизнинг улкан имкониятларидан самарали фойдаланиб, чуқур билимга эга етук профессионал кадр бўлиш, Ватан равнақи ва фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech