Пайшанба кунининг “Ёшлар куни” сифатида белгилангани ёш авлод вакиллари билан очиқ мулоқот қилиш учун муҳим платформа вазифасини бажармоқда.
ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви доирасида вазирликнинг Тошкент шаҳридаги 1-сон академик лицейида бўлди. Тадбирда ўқувчилар, уларнинг устозлари, ҳозирда академияда таълим олаётган лицей битирувчилари қатнашди.
Мулоқот очиқ ва самимий руҳда ўтди. Академия бошлиғи ички ишлар органларининг истиқболли кадрлари сифатида ҳаётга кириб келаётган ўқувчиларнинг фикрларини тинглаш баробарида, уларни келажак мақсадлари йўлида руҳлантирди.
“Бугун мамлакатимизда инсон капитали, айниқса ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришга жуда катта куч ва имкониятлар йўналтирилмоқда. Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг моҳиятига қарасак, барча йўналишларда ёшлар масаласи устувор вазифа этиб белгиланган. Бу Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва эртанги тақдири ёш авлод зиммасида эканини кўрсатади”, - деди Р. Хатамов.
Учрашувда ёшлар келажак масъулиятини ҳозирданоқ ҳис қилиши зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун ўқиш, замонавий билимларни эгаллаш, машаққатларни енгиш, фақат юқори чўққиларга интилиш, энг муҳими, Ватан равнақи учун хизмат қилишга тайёр кадр бўлиб етишиш кераклиги айтиб ўтилди.
“Ички ишлар органи ходими бўлиш, энг аввало, ишонч ва масъулият дегани. Сизлар ҳар томонлама тизимга муносиб бўлишингиз, билим ва салоҳият, мардлик, фидойилик, ватанпарварликда тенгдошларингизга ибрат бўлишингиз лозим”, - деди Р. Хатамов.
Тадбирда курсантлар ҳам сўзга чиқиб, таълим олишлари учун яратилган замонавий имкониятларни мамнуният билан эътироф этдилар. Эришаётган ютуқлари ҳақида сўзлаб, ўқувчиларга мотивация бердилар. Учрашув сўнггида фидойилиги, ташаббускорлиги ва бошқа ижобий фазилатларини намоён этиб келаётган ўқувчи ҳамда ўқитувчилар рағбатлантирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати