Очиқ мулоқот янгиланаётган мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, ички ишлар органлари тизимидаги кенг қамровли ўзгаришлар, таълимдаги янгиланишлар ва ёш авлод вакиллари учун яратиб берилаётган улкан имкониятларга бағишланди.
Ўқув муассасаси раҳбари Рустам Хатамов янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ишлар нафақат халқимиз, балки халқаро миқёсда ҳам муносиб эътироф этилаётганини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда барча соҳалар сингари ички ишлар органларида ҳам улкан ўзгаришлар рўй берди. Тизимни чинакам халқчил тузилмага айлаштириш мақсадида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликни жиловлаш, аҳолининг тинч-осуда ҳаётини таъминлаш фаолияти янада такомиллаштирилди.
Академия раҳбари соҳа учун кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида тўхталди. Давлатимиз раҳбарининг қарорлари асосида таълим жараёни тубдан ислоҳ қилингани, замонавий ёндашув ва механизмлар жорий этилгани, курсантларнинг билим олиши, танлаган ихтисослиги бўйича амалий кўникмаларини шакллантириши, хорижий тиллар ва халқаро тажрибанинг илғор ютуқларини ўрганиши, ўз иқтидорини намоён этиши учун барча имкониятлар яратилгани таъкидланди.
– Муҳтарам Президентимиз ҳар гал ҳудудларга ташриф буюрганларида, “маҳалла еттилиги” аъзолари, айниқса профилактика инспекторлари билан мулоқот қиладилар. Соҳа вакилларига халқимизни рози қилиш, оилалардаги муаммоларни манзилли ҳал қилиш, ижтимоий профилактикани самарали ташкил этиш юзасидан зарур тавсиялар берадилар. Шунинг ўзиёқ, тизим ходимлари зиммасига улкан масъулият юкламоқда. Шу боис, таълим жараёнида курсантларимизни ҳар томонлама профессионал кадр этиб тайёрлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз, – деди Академия раҳбари.
Мулоқот давомида ёшларга давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиш, давр руҳига мос равишда ўқиб-изланиш, хизмат интизоми ва қонунийликка сўзсиз риоя этиш, келгусида она Ватанимизнинг энг фидойи фарзанди сифатида ҳалол ва виждонан хизмат қилиш, юртимиз тақдирига дахлдор бўлиш юзасидан тавсиялар берилди. Ўз иқтидори ва салоҳияти билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган қатор ёшларнинг турли жабҳаларда эришаётган ютуқлари эътироф этилди. Фаол ва ташаббускор курсантлар сўзга чиқиб, амалга оширилаётган эзгу ва самарали ишлар ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати