Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг финал босқичи бўлиб ўтди.
Унда танловнинг ҳудудий ички ишлар органлари ўртасида ўтказилган минтақавий босқичларида ғолибликни қўлга киритган 7 та жамоа иштирок этди. Жамоалар “Таништирув”, “Савол-жавоб” ва “Эркин мавзу” шартларидан ўзаро беллашдилар. Қизиқарли саҳна кўринишлари, ҳазил-мутойибалар, креатив чиқишлар томошабинларга катта завқ улашди.
Кўрик-танлов якунида ҳакамлар ҳайъати вакиллари ғолиб ва совриндорларни эълон қилди. Унга кўра, ИИВ академиясининг “Академия” жамоаси кўрик-танловнинг республика босқичи ғолиби деб топилди. Жамоа аъзоларига ички ишлар вазири кубоги, диплом, пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВнинг “Орол юлдузлари” жамоаси иккинчи, Навоий вилояти ИИБнинг “Матонат” жамоаси учинчи ўринга лойиқ кўрилди. Танловда бир гуруҳ фаол иштирокчилар ҳам муносиб рағбатлантирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати