Ички ишлар вазирлигининг Тошкент вилоятидаги академик лицейида “Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз!” шиори остида ҳуқуқий тарғибот ўтказилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита мутахассислари, ИИВ Академиясининг “Тарғиботчилар гуруҳи” фаоллари, академик лицей жамоаси иштирок этган тадбирда ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўрсатаётган таҳдидлар ҳақида сўз борди.
Таъкидлаб ўтилганидек, юртимизда ёшларнинг сифатли таълим олиши, жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, эзгу мақсад ва интилишларини рўёбга чиқариши учун улкан имкониятлар яратилган. Ёшлар билан мақсадли ишлашга қаратилган истиқболи дастурлар ҳаётга изчил татбиқ қилинмоқда. Бироқ глобаллашув шароитида ёш авлод маънавиятига қаратилган турли таҳдидлар пайдо бўлмоқда. Айниқса, интернет макони орқали тарқатилаётган ахборот хуружлари, “оммавий маданият” ниқоби остида кириб келаётган иллатлар долзарб муаммога айланмоқда.
Тадбирда миллий маънавиятимизга ёт ғояларга қарши курашишда таълим ва тарбия уйғунлиги муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Ўқувчиларга замонавий ахборот хуружларидан огоҳ бўлиш, ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириб бориш борасида зарур тавсиялар берилди. Шунингдек академия курсантлари сўз олиб, вояга етмаганлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, уларнинг сабаб ва шарт-шароитлари, жиноят содир этишнинг ҳуқуқий оқибатларига тўхталиб ўтдилар.
Давра суҳбати якунида бир гуруҳ фаол ёшларга “Кибержиноятларни тергов қилишнинг хусусиятлари” номли ўқув қўлланма совға қилинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати