Ўзбек тили байрами муносабати билан пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида ўтказилган тадбирда маърифатпарвар боболаримизнинг она тилимиз равнақи йўлидаги жасоратли хизматлари ёдга олинди.
Адабиёт кечасида Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, тилшунос тадқиқотчилар, ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари ва курсантлари йиғилди.
– Она тилимизнинг бебаҳо маънавий бойлик сифатида бугунги авлодларга етиб келишида маърифатпарвар боболаримизнинг беқиёс хизмати бор. Уларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, илмий меросидан кўпроқ баҳраманд бўлиш жонажон тилимизнинг ҳаётбахш қудрати ва бой имкониятларини теранроқ англашга ёрдам беради, – деди ички ишлар вазири маслаҳатчиси, подполковник Хуршидбек Рўзиев.
Тадбирда Абдулҳамид Чўлпон асарларининг ўзига хос жозибаси, атоқли адибнинг ўзбек тили ва адабиётини асраб-авайлаш йўлидаги жонкуярлиги, миллат маънавиятини юксалтиришда она тилининг ўрни ва аҳамияти ҳақида мулоҳазалар айтилди. Курсантлар ўзлари тайёрлаган саҳна кўринишлари, Чўлпон ижодидан ёд олган шеърлари билан она тилимизга юксак эҳтиром кўрсатдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати