Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Юрт посбонлари буюк мақсад йўлида бирлашди

23 Декабрь 2022, 06:12

1126

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида ҳарбий ва ҳарбийлашган олий таълим муассасалари ўртасида билимлар беллашуви ўтказилди.

Мазкур тадбир Президентимизнинг беш муҳим ташаббуси доирасида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ўғил-қизларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш, улар қалбида она Ватанимизга муҳаббат ва садоқат туйғуларини юксалтириш мақсадида ташкил қилинди.

Беллашувда Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Қуролли Кучлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиялари, Жамоат хавфсизлиги университети ва Божхона институтида таълим олаётган ёшлар қатнашди.

Биринчи шартда ҳар бир жамоа аъзолари ўзлари ўқиётган билим маскани фаолияти, ҳаётдаги улкан мақсадларини ёритиб бердилар. “Савол-жавоб” деб номланган иккинчи шарт ёшларнинг ҳуқуқий билимини, айниқса Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳиятидан бохабарлигини синовдан ўтказди. Бунда ҳар бир жамоага ўнтадан савол йўлланиб, иштирокчиларнинг жавоби баҳолаб борилди. Беллашувнинг якуний шарти эса саҳна кўринишига бағишланди. Иқтидорли ёшлар қизиқарли ва креатив чиқишлар орқали ўз ижодий қобилиятларини намоён этишди.

Таъкидлаш жоизки, беллашув давомида Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати академиялари курсантларининг чиқишлари томошабинларга жуда манзур бўлди. Бундай тадбирлар мард ва жасур ёшларни она Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қилишдек улуғ мақсад йўлида янада жипислаштириши эътироф қилинди.

Тадбир сўнггида жамоалар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech