Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан пойтахтимизда бунёд этилган “Китобхон оила” монументи пойида ўтказилган тадбир ёшларга улкан маънавий озуқа берди.
“Маънавият ойлиги” муносабати билан ташкил этилган китобхонлик кечасида вазирлик тасарруфидаги ўқув муассасалари курсантлари, ўқувчи ёшлар ва ёш ходимлар иштирок этди.
ИИВ Академиясининг Ўзбек тили ва хорижий тиллар кафедраси бошлиғи ўринбосари, филология фанлари номзоди, доцент Абдуваҳоб Холиқов комил инсон тарбиясида китоб ва китобхонликнинг ўрни ҳақида нутқ сўзлади. Дунёга номи кетган улуғ аждодларимиз ёшлик онларини илм олишга сарфлаб, даҳоликка эришгани, уларнинг ибратли умр йўли ва фазилатлари бугунги авлод учун нурли маёқ бўлиши лозимлиги таъкидланди. Инсон онги ва тафаккурини эгаллашга мафкуравий кураш кечаётган ҳозирги даврда юксак билим, маънавий салоҳият ёшларни қутқарувчи мустаҳкам қалқон эканлиги айтиб ўтилди.
Адабиёт байрами ИИВдаги ички ишлар органлари тарихи музейида давом эттирилди. Академия курсантлари ва идоравий лицей ўқувчиларига тизим фаолиятининг ўтмиши, ривожланиш даврлари, айниқса сўнгги йилларда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, маскандаги тарихий экспонатлар, фотолавҳа ва бошқа буюмлар хусусида маълумот берилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати