ИИВ академияси 2024/2025 ўқув йили учун магистратуранинг “ташкилий-стратегик бошқарув”, “ташкилий-тактик бошқарув” ҳамда “илмий-педагогик фаолият” мутахассисликлари бўйича қабул эълон қилади.
Магистратуранинг “ташкилий-стратегик бошқарув” мутахассислиги бўйича ўқиш истагидаги номзодлар бакалавр даражаси ёки дипломли мутахассис малакаси ҳамда қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ “ташкилий-тактик бошқарув” мутахассислиги дипломига тенглаштирилган (муқаддам фаолият кўрсатган магистратура, Олий академик курслар ҳамда Раҳбар кадрларни тайёрлаш факультетини тамомлаган) диплом, шунингдек, “подполковник” махсус унвонига эга бўлиши лозим.
“Ташкилий-стратегик бошқарув” мутахассислигига охирги бир йил давомида қуйидаги лавозимлардан бирини эгаллаб келаётган номзодларнинг ҳужжатлари қабул қилинади:
ИИВ марказий аппарати ҳамда вазирликка бевосита бўйсунувчи таркибий тузилмалар бўйича – бўлим бошлиғи, унга тенглаштирилган ва ундан юқори бўлган бошқа лавозимдаги ходимлар;
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББлари, вилоятлар ИИБлари аппаратлари бўйича – бошқарма бошлиғи, унга тенглаштирилган ва ундан юқори бўлган бошқа лавозимдаги ходимлар;
туман, шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари, ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бўйича – ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари, ички ишлар бошқармаси (бўлими) бошлиқлари;
Жазони ижро этиш муассасалари бошлиқлари.
Магистратуранинг “ташкилий-тактик бошқарув” мутахассислиги бўйича ўқиш истагидаги номзодлар бакалавр даражаси ёки дипломли мутахассис малакаси, шунингдек, “майор” махсус унвонига эга бўлиши керак.
“Ташкилий-тактик бошқарув” мутахассислигига охирги бир йил давомида қуйидаги лавозимлардан бирини эгаллаб келаётган номзодларнинг ҳужжатлари қабул қилинади:
Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати ва вазирликка бевосита бўйсунувчи таркибий тузилмалар бўйича – бош мутахассис, муҳим топшириқлар бўйича инспектор, етакчи юрисконсульт, бош эксперт, ўта муҳим ишлар бўйича терговчи (тезкор вакил), бош инспектор, уларга тенглаштирилган ва улардан юқори бўлган бошқа лавозимдаги ходимлар;
Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББлари, вилоятлар ИИБларининг аппаратлари бўйича – бўлинма бошлиғи, унга тенглаштирилган ва ундан юқори бўлган бошқа лавозимдаги ходимлар;
туман, шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари ва ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бўйича – туман, шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари ва ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиғининг ўринбосарлари лавозимидаги ходимлар;
жазони ижро этиш муассасалари бўйича – бўлим бошлиғи, уларга тенглаштирилган ва ундан юқори бўлган бошқа лавозимдаги ходимлар.
Магистратуранинг “илмий-педагогик фаолият” мутахассислиги бўйича ўқиш истагидаги номзодлар таянч олий юридик маълумот, шунингдек, икки йиллик амалий хизмат стажига эга бўлиши керак.
Академиянинг бакалавриат таълим йўналишини имтиёзли диплом билан тамомлаган битирувчилар “илмий-педагогик фаолият” мутахассислигига истисно тариқасида танловларсиз ўқишга қабул қилинади.
Магистратурада ўқиш истагидаги номзодларнинг ҳужжатлари электрон тартибда қабул қилинади. Бунда номзод magistr.akadmvd.uz манзилига зарур маълумотларни киритади ва ИИВ Академияси бошлиғи номига ёзилган билдиргининг имзоланган электрон нусхасини ушбу манзилга юборади. Билдирги қабул қилингандан сўнг ИИВ Академияси қабул комиссияси томонидан номзодга билдиришнома юборилади.
Магистратурага ўқишга қабул қилиш номзодлар учун тенг ҳуқуқлилик, қабулнинг ягона қоидалари ва танлов принциплари асосида қуйидаги босқичларда ташкил этилади:
1) ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;
2) махсус касбий танлов (ёзма иш ҳамда номзодларнинг компетенцияларини диагностика қилиш);
3) якуний суҳбат.
Номзодларнинг ҳужжатлари 2024 йилнинг 1 апрелидан 1 июнига қадар қабул қилинади.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси ИИВ Молиявий ва моддий-техник таъминот департаменти, Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси, Идоравий ҳамкорлик бош бошқармаси бошқармалари, ахборот технологияларни жорий этиш бўлинмалари, Халқаро ҳамкорлик бошқармаси, Тиббиёт бошқармаси, Жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бошқармаси, Ҳарбий-сафарбарлик бошқармаси, Назорат-тафтиш инспекцияси, Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги Миллий марказий бюроси ходимлари ички ишлар органлари раҳбар таркибининг тегишли лавозимларига тайинланиши учун магистратуранинг “ташкилий-тактик бошқарув” ва “ташкилий-стратегик бошқарув” мутахассисликларида ўқиши талаб этилмайди.
ИИВ академияси Қабул комиссияси