ИИВ Академиясида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!” консептуал ғояси асосида давра суҳбати ўтказилди.
“Жаҳолатга қарши маърифат билан курашамиз” мавзуидаги тадбирга Ўзбекистон Халқаро ислом академияси профессори Илҳомжон Бекмирзаев ва Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мудираси Нозима Ибрагимова таклиф этилди.
Исломшунос олим Илҳомжон Бекмирзаев жаҳоннинг айрим минтақаларида авж олаётган мураккаб жараёнлар ҳақида тўхталаркан, юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этди. Ёш авлодни маънан баркамол, соғлом эътиқод ва олижаноб мақсадлар эгаси этиб тарбиялаш, уларнинг она Ватанимиз олдидаги дахлдорлик туйғуларини кучайтириш, айниқса ёт ғоялар таъсиридан асраб-авайлаш долзарб аҳамият касб этаётгани таъкидланди. Нотиқ давлат ва дин муносабатлари, ислом қадриятларининг асл моҳияти, хусусан, муқаддас динимизда мутаассибликнинг қораланиши, “жаҳолатга қарши маърифат” ғоясининг эзгу мақсади ҳақида батафсил тўхталди.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мудираси Нозима Ибрагимова иштирокида ўтган учрашув курсант қизларда ёрқин таассурот қолдирди. Унда жамиятда хотин-қизларнинг ўрни, ислом одобининг сифатлари, оила-турмуш муносабатлари, ёш авлодга маънавий-ахлоқий қадриятларни сингдириш масалалари юзасидан мулоҳазалар билдирилди. Курсантлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати