Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ЖАНУБИЙ КОРЕЯЛИК МУТАХАССИСЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

20 Апрель 2022, 03:04

1345

Ички ишлар вазирлиги академиясида Корея Республикасининг Сеул шаҳар полиция агентлиги вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида томонларни қизиқтирган аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, глобал хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдидларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишда ўзаро тажриба алмашишнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

– Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея Республикалари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасида делегациялар алмашинуви фаоллашди, – деди ИИВ Академияси бошлиғи Рустам Хатамов. – Ҳамкорлик алоқалари ўзаро маслаҳатлашувлар асосида глобал масалаларнинг деярли барча йўналишлари бўйича ривожланиб бормоқда. Ҳозирги мураккаб шароитда манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш орқали Корея тажрибасининг илғор жиҳатларини ўрганиш ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш, таълимга замонавий ёндашувларни татбиқ этишга хизмат қилади.

Сеул шаҳар полиция агентлигининг Халқаро ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи, делегация раҳбари жаноб Лим Мансук Артур соҳавий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлаб, кадрлар малакасини оширишга ҳисса қўшишга тайёр эканини билдирди. Унинг эътироф этишича, Ўзбекистонда ички ишлар органларига ахборот технологияларини кенг жорий қилиш, инновацион таълим, кибержиноятчиликка қарши курашиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини рақамлаштириш каби йўналишларга қизиқиш юқори. Бу борада Жанубий Корея ўзига хос тажрибага эга ва ҳамкорликни амалий жиҳатдан кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.

Мулоқот жараёнида минтақавий барқарорликка таъсир кўрсатаётган хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш, кадрлар тайёрлаш, Жанубий кореялик тажрибали мутахассислар иштирокида ўқув-тренинг ва машғулотлар ташкиллаштириш борасида таклифлар билдирилди. Томонлар ҳамкорликнинг мазкур йўналишлари бўйича бир-бирларини қўллаб-қувватладилар. Учрашувдан сўнг меҳмонлар таълим муассасаси фаолияти, ўқув жараёнига татбиқ қилинган замонавий ёндашувлар билан танишдилар.

Таъкидлаш жоизки, ташриф доирасида Жанубий кореялик мутахассислар иштирокида семинар-тренинг машғулотларини ташкил этиш режалаштирилган эди. Шу куннинг ўзида Сеул шаҳар полиция агентлиги вакиллари Шин Кён Сун ва Шин Сон Кён томонидан “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш” ҳамда “Киберхавфсизликка қарши курашиш” мавзулари бўйича дастлабки машғулот ўтказилди. Ҳамкорлик келишувига кўра, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ва Академия профессор-ўқитувчилари учун ташкил қилинган малака ошириш курслари 28 апрелга қадар давом этади.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech