Ички ишлар вазирлиги академияси томонидан уюшмаган ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўтган қисқа вақт мобайнида Бухоро, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида 9 маротаба ўқув йиғини ташкил қилиниб, 800 нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинди. Ёшлар билан интерактив машғулотлар, спорт мусобақалари ҳамда маънавий-маърифий йўналишда тадбирлар ўтказилди.
Айтиш жоизки, ўқув йиғинлари давомида ёшларнинг кейинги тақдири ҳам алоҳида эътибор марказида бўлмоқда. Хусусан, маҳаллий ҳокимликлар, секторлар, касб-ҳунар ўргатувчи ва бандликка кўмаклашувчи ташкилотлар вакиллари билан сайёр учрашувлар уюштирилиб, уюшмаган ёшларни иш билан таъминлаш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий кўмак бериш, муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
– Ёшларда салбий хулқ-атворнинг шаклланиши улар руҳиятидаги ўзгаришларга боғлиқ. Психологик тренинглар орқали уларнинг қизиқиши, қобилияти ва келажак мақсадларини ўрганилиб, касб-ҳунарга йўналтириш чора-тадбирлари кўрилмоқда, – дейди ИИВ академияси катта ўқитувчиси Ёқубжон Фарфиев.
Мухтасар айтганда, “Янги Ўзбекистоннинг ватанпарвар ёшлари” шиори остида ўтказилаётган ўқув йиғинлари ёшлар ўртасида соғлом муҳитни қарор топтириш, уларни юксак дахлдорлик, фидойилик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати