Ички ишлар вазирлиги академиясида ёш педагог ходимлар учун ўқув йиғини бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 авгусгдаги “Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 октябрдаги “Олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори талаблари ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган педагогик тайёрлаш курсига ўқитувчилик лавозимига тайинланган ходимлар жалб қилинган.
Ўқув йиғини доирасида педагогик фаолиятда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, ўқитувчининг коммуникатив компетентлиги, муаммоли-таълим технологиялари, модулли ўқитишда фойдаланиладиган интерфаол методлар, нутқ техникаси ва нотиқлик маданияти, педагогнинг инновацион фаолияти, бу борада мамлакатимиз ва халқаро тажрибанинг илғор жиҳатлари, ёш ўқитувчиларни илмий-тадқиқот ишларига тайёрлаш каби муҳим йўналишларда семинар-тренинг ҳамда интерфаол машғулотлар ўтказилмоқда.
Малака ошириш курслари таълим муассасасининг кўп йиллик амалий ва илмий-педагогик тажрибага эга профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилаяпти.
Машғулотлар якунида педагог кадрларни тайёрлаш курси тингловчилари синов ўқув машғулотлари ҳамда тест синови топширадилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати